Олима қизлар – эртамиз умиди

Олима қизлар – эртамиз умиди

    Олима қизлар – эртамиз умиди

    Олима қизлар – эртамиз умиди

    Бугун юртимизда хотин-қизлар нафақат ижтимоий жабҳаларда, балки сиёсий-иқтисодий соҳаларда ҳам фаоллик кўрсатмоқда. Босқичма-босқич амалга оширилаётган ислоҳотлар, яратилаётган шароитлар самарасида мустақил позициясига эга бўлмоқда, илмий салоҳиятини намоён этяпти. Улар бугун нафақат кузатувчи, балки ўзгаришларнинг фаол иштирокчисига айланди. Жумладан, Олий Мажлис ва маҳаллий кенгашларда ҳозир аёл депутатлар 38, Сенатда эса 16 фоизни ташкил этмоқда. Илм-фанда ҳам аёллар ўрни йилдан йилга ошиб боряпти.

     Маърифатли жамиятни маърифатли аёллар барпо этади. Улар дунёқараши қанчалик кенг бўлса, шунчалик мавқеи ортади ва ўзини намоён этади. Шунинг учун ҳам “илмли аёл — жамият кўзгуси”, дейилади. Аёллар, аввало, ўз интеллектуал имкониятини фарзандларига беради. Уларга илм- фан, тарбия, ватанга садоқатни ўргатади. Шу орқали келажакни яратишга ҳисса қўшади. Энг асосийси, Учинчи Ренессанс авлодини тарбиялайди.

    XIX аср мутафаккирларидан бири Ризоуддин ибн Фахруддин бу борада бундай деган: “Агарда буюк ва фазилатли одамларга эҳтиёжингиз бўлса, хотинларга буюклик ва фазилат ўргатингиз... Агарда хотинлар орасида тарбия билан илм ёйилса, тарбия ҳам, ҳусн-ахлоқ ҳам болаларга кўчади, халқ орасига тарқалади, маҳкам томирланади... Хотунлари тарбияли бўлган халқ — тарбиялию, хотунлари тарбиясиз бўлган халқ тарбиясиз, хотунлари тиришқоқ, тадбиркор, иродали бўлган халқ — бою, хотунлари ялқов ёки исрофгар халқ фақир бўлиши аниқдир”.

    Ҳақиқатан, аёлларга, уларнинг таълими, илмига диққат қаратилса, жамиятда инсон тафаккури ривожланади, қадри юксалади.

    Жорий йил 10-15 февраль кунлари мамлакатимизда аёлларнинг илм-фандаги ўрнига бағишланган ҳафталик ташкил этилди. У аёлларга доир глобал мақсадлар, жумладан, барқарор ривожланишга ҳамоҳангдир. Мамлакатимизда 11 февраль — Халқаро илм-фан соҳасидаги хотин-қизлар куни 2023 йилдан бошлаб кенг нишонланмоқда. Таълим муассасаларида ушбу санага бағишлаб илмий анжуманлар ўтказиб келинмоқда. Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида яқинда шундай тадбир бўлиб ўтди. “Ўзбекистон ёш олима қизлари — Учинчи Ренессанс яратувчилари” мавзусидаги ушбу илмий-амалий конференцияда Ўзбекистон Фанлар академияси институтлари ёш олималари, олий ўқув юртлари талаба қизлари, магистрантлар, докторантлар турли мавзудаги маърузалари билан қатнашиб, кўтарилган муаммолар эшитилди ва муҳокама қилинди.

    Анжуманда аёллар мамлакатимиз таълим соҳасидаги ютуқ ва муаммоларни тақдимот шаклида батафсил ёритди, ўз ғояларини айтди. Жумладан, иқтисодиёт, тиббиёт, тадбиркорлик, қишлоқ хўжалигидаги асосий йўналишлар драйверлари, ахборот технологиялари, PR менежмент, муқобил энергия, меҳнат бозоридаги имкониятлар, таълим соҳасидаги лойиҳалар, Финляндия, Ҳиндистон, Жанубий Корея, Япония ва Хитой тажрибасининг Ўзбекистон учун фойдали жиҳатлари борасида фикр билдирилди.

    Университетдаги хотин-қизлар маслаҳат кенгаши ҳузуридаги “Лидер қизлар” клуби аъзоларининг саъй-ҳаракатлари кейинги пайтларда кўпчиликда катта қизиқиш уйғотмоқда. Сабаби ҳали талаба бўлган клуб аъзолари бўлажак дипломат сифатида турли йўналишларда фаоллигини намоён этяпти. Жумладан, илмий конференцияларда волонтёр ёки маърузачи сифатида, турли стартап лойиҳалари билан халқаро ташкилотлар ва чет эл стажировкаларида фаол қатнашмоқда.

    Анжуманда эшитилган барча маъруза ягона хулосага олиб келади: бугунги ёш олималаримиз, ҳақиқатан, илмли инсонлар бўлиб етишмоқда. Бир донишманд бундай деган экан: “Жамиятни ўзгартирмоқчи бўлсанг, ўзингдан бошла”. Бугунги ёш олималаримизнинг Тўмарис, Бибихоним, Нодирабегим каби дунёқараши кенг. Улар Учинчи Ренессанснинг ҳақиқий бунёдкори.

     

    Эътибор Султонова,

    сиёсий фанлар доктори,

    профессор

    “Янги Ўзбекистон” газетаси №35