10.02.2020 2360

Навоийнинг даҳо санъаткор экани ҳеч кимда шубҳа бўлмасада, у яратган ноёб дурдоналар жаҳон китобхонига юқорида номлари саналган адибларнинг асарлари даражасида танишми, деган саволга аниқ жавоб беришга қийналамиз (албатта, адабиёт илми мутахассислари бундан мустасно). Бунга таржима борасидаги муаммолар, шоир шеърияти, ижодининг фалсафий мазмун-моҳияти чуқурлиги, уни таржимада тўлалигича етказиш мушкул экани каби кўплаб сабаблар кўрсатилади. Хўш, Навоийни таниш ва тушуниш борасида ўзимизда аҳвол қандай?

Мустақилликка эришганимиздан сўнг ўзбек мактаблари учун яратилган адабиёт дарсликларида Навоий ижодига катта ўрин ажратилган, шоир ижодининг чин моҳиятини тушуниш ва тушунтириш бобида олға қадам ташланган.

Энди саволни бошқача қўямиз: русийзабон ўқувчилар Навоий ижодидан қай даражада баҳраманд бўлмоқда? Албатта, рус мактаблари учун адабиёт дарсликларидан ҳам аллома ижоди ўрин олган, шоирни ўзбек тили ва адабиётининг асосчиси, “Хамса” (“Пятерица”) асарининг муаллифи сифатида яхши билади. Лекин шоир ижодининг жозибасини тўлиқ ҳис қилиш чинакам руҳий ва маънавий завқ туйиш учун асл ҳолида ўқиш афзаллиги ҳеч кимга сир эмас. Биз шу ўринда ўзбек тилини иккинчи тил сифатида ўқитишда Навоий асарларидан фойдаланиш ва шу орқали буюк шоиримиз ижоди билан она тилида таништириш имкониятлари ҳақида тўхталмоқчимиз.

Ўзбек тилини русийзабонларга ўргатиш амалиётида бадиий матнга анъанавий таълимда жуда кам мурожаат қилинган. Бадиий асар одатда фрагментар шаклда (бадиий асардан парча) кўринишида келтирилган ва бунда асарнинг таниқлилик даражаси, мазмуни, жиддий ёки ўртамиёна экани деярли аҳамиятсиз бўлган. Хорижликлар учун яратилган аксарият ўзбек тили дарсликларида ҳам шу ҳолат кузатилади. Айни пайтда мазкур дарсликларнинг кўпчилигида “ўзбек адабиётининг буюк намояндаси Алишер Навоий ҳаёти ва ижоди”га оид матн киритилган. Лекин бевосита асарларининг ўзига мурожаат қилиш деярли кузатилмайди. Албатта, муаллифлар бу дарсликлар тилни дастлабки босқичда ўрганаётганлар учун мўлжаллагани, мазкур босқичда бадиий матнни ҳазм қилиш оғирлик қилишини ҳам эътиборга олиши лозим.

Алишер Навоий шеърияти ва насри оригинал кўринишида, албатта, ҳатто она тилида ўзлаштириш анча мураккаб бўлгани ҳолда, русийзабон талабага оғирлик қилиши тайин. Айниқса, тил билишнинг дастлабки босқичида ҳар бир машғулотда ўрганилиши керак бўлган янги луғат минимуми 10-15 та сўз бўлиши ҳисобга олинса, бунинг иложи йўқдек туюлади. Фикримизча, мазкур босқичда адаптациялаштирилган бадиий матндан фойдаланган маъқул. Бу борада ҳам китобхоннинг тил билиш даражаси ва босқичига мослаштириб ишлов берилган, енгиллаштирилган матнга нисбатан эътироз билдирувчилар ҳам йўқ эмас. Уларга кўра бундай матн оригиналнинг бутун нафосати ва бойлигини намоён қила олмайди. Бироқ, тажриба бу турдаги матннинг самарали эканини кўрсатиб, тил ўрганишга киришган кишида бадиий матн сюжети ва қаҳрамонлари ҳақида муайян тасаввур олиш ўқувчига билим, эстетик завқ беради.

Адаптациялаштирилган матн учун тайёр манба – Навоий достонларининг насрий баёнидир. Навоий “Хамса”сининг барча достонлари ҳозирги ўзбек тилидаги табдили мавжуд. Уларнинг муаллифлари эса ўзбек адабиётининг тил ва бадиий маҳорат бобида адабиётшунослик ва танқидчиликнинг юксак эътирофига сазовор бўлган таниқли вакилларидир. Масалан:

“Чин мамлакати ўша чинлик наққошлар чизган расмларнинг ҳам рашкини келтирадиган даражада гўзал бўлиб, ҳатто Жаннат боғлари ҳам унга ҳасад билан боқади. Ана шу Чин мулкининг шоҳи шундай улуғ хон эдики, уни хон эмас, хоқон деб атаса ҳам бўлаверар эди. Мулкининг кенглиги икки оламча, тахтининг юксаклиги икки осмонча эди. Қўшини ер юзидаги қумлардан, балки осмондаги юлдузлардан ҳам кўп эди. Унинг бойлигичи, Эрон шоҳи Фаридуннинг давлатидан, хазиналари Қоруннинг хазиналаридан юз минг марта кўп эди. Унинг олий қасри осмон мисоли, балки ундан ҳам юксак эди. Мўғул хонлари унинг олдида қуллар каби турар,бошқа ўлкаларни босиб олиб юрувчи шоҳлар унга ўлка бериб кун кўрар эдилар. Кафтининг сахийликдаги кенглиги денгиздан ҳам кенг, гавҳарлар сочиб инъом бериши эса, ҳар қандай кондан зиёда. Тўғрироғи, унинг саховати кондан эмас, имкондан ортиқ, буни нимага таққос қилманг, ҳаммасидан устун эди”.

Ўзбекистон шароитида мактабни рус тилида тамомлаган битирувчи ОТМга ўзбек тилини мулоқот даражасида эгаллаган, лекин, одатда ёзма ва оғзаки саводхонлиги паст бўлиши ҳеч кимга сир эмас. Шундан келиб чиқиб, ушбу матнни русийзабон талаба бемалол тушуниши ҳамда ўзлаштириши мумкин. Маълумки, бадиий адабиёт воситасида тил ўқитиш коммуникатив услуб турига киради. Коммуникатив метод анъанавий методдан фарқли ўлароқ хорижий тилда мулоқотга киришиш кўникмаларини шакллантиришга қаратилган бўлади. Ушбу методикада грамматика, фонология ва лексикология махсус ўрганиш мавзуси эмас, тил тўсиғини енгиш воситасига айланади.

Ушбу парча орқали бир вақтнинг ўзида бир неча амаллар бажарилади. Жумладан, грамматика: сифат даражалари, эргашган қўшма гап борасидаги, бадиий санъатлар: ўхшатиш, қиёслаш, метафора борасидаги;маданий: тарих, қадимий давр манзаралари борасидаги билим, кўникма ва тасаввурлари ортади, луғат бойлиги янги сўзлар билан кенгаяди.

Умуман, ўзбек тили дарсларини тўлиқ бадиий асар мутолааси асосида ўқитиш тажрибаси қўлланганда, туркум машғулотлар Навоий достонларидан бири асосида ўқитилиши мумкин. Хусусан, талаба ўзлаштириши лозим бўлган грамматик мавзу тўлалигича бир достонга сингдириб юборилади. Масалан, 7 та машғулот юқорида кўриб ўтилган “Фарҳод ва Ширин” достонининг насрий баёни мутоаласига бағишланади. Ҳар бир дарсда достондан муайян боблар ўқиб келиш топширилади ва улар устида турли амаллар бажарилади. 7-машғулот асар юзасидан эссе ёки ёзма иш, тест синови билан якунланиши мумкин.

Хорижий тилни ўргатишда бадиий адабиётдан фойдаланилиш, лексик, маданий ҳамда китобхон ёндашуви фарқланади. Лексик ёндашувда ўқиш, ёзиш, тинглаш, сўзлаш талаблари амалга ошиши, талабанинг фаоллиги ортиши мақсади кўзланади. Бадиий асарни ўқиб, унинг матни устида машқлар бажариш, мазмунини сўзлаб бериш, фикр билдириш, мулоҳаза юритиш, китоб асосида эссе ёзиш, таққослаш, баҳолаш каби билим ва кўникмалар ривожланди. Талаба грамматика ва услуб борасида тажриба ҳосил қилади.

Хорижий тил ўқитишдаги маданий ёндашув бадиий асарни ғоя, давр, ёзувчи шахси, образ ва ҳ.к. томонларини қамраб олади. Албатта, ушбу жиҳатларнинг ҳам ўрни муҳим, лекин баъзи тадқиқотчиларнинг фикрича, бу талабанинг фаоллигини орттиришга хизмат қилмайди, марказда фақат ўқитувчи бўлиб қолади. Замонавий таълим эса, маълумки, талабанинг фаоллиги ҳамда мустақил тафаккурининг ривожлантирилишини тақозо этади.

Навоий асарлари мутоалааси асосида тил ўқитилганида ўрни билан Навоий даҳоси, у яшаган давр, муаллифнинг диний-фалсафий қарашлари, тасаввуф таълимоти, достонларидаги бадиий ғоя ҳақида маълумот бериш, айни пайтда, аудиториядаги чекланган вақтни фақат шу мақсадга сарфламасдан, мазкур билимларни талабага мустақил ўзлаштиришни ҳавола қилиши мумкин.

Бадиий асарга китобхон сифатда ёндашув ўқиб чиқилганлар хусусида мустақил фикрни шакллантиришга рағбатлантиради, ҳукм ва хулоса чиқариш имконини беради. Шу маънода асарга эссе ёзиш, достон қаҳрамонлари характери ҳамда қилмишлари устида баҳс-мунозара уюштириш, зиддиятли ҳолатлар учун кейслар тақдим этиш, тақриз ёзишга ўргатиш ва мустақил қарашларни баён қилишга ундовчи бошқа усуллардан фойланиш мумкин.

Юқорида баён қилинган усул орқали тил, мазмун-мундарижа, маъно жиҳатидан мураккаб бўлган Алишер Навоий ижоди билан русийзабон (хорижлик) талабаларни она тилимизда таништириш, айни пайтда, кўзланган лисоний мақсадларга эришиш учун йўл очилади.

Шоира НОРМАТОВА,
Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети доценти

УзА.